ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Якка тартибдаги тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган?

EREPORT дастурининг "Интерактив маслаҳатлар" бўлими

Якка тартибдаги тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган?

 

Ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти ривожланишининг даражаси бу ерда тадбиркорликнинг қай даражада тараққий этганлигидан далолат бериб туради. Айни пайтда иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ривожланиши унинг таркибидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушининг кўпайиб бориши билан белгиланса, шу соҳа улушининг кундан-кунга ортиб бориши эса, ўз навбатида, мамлакатда яратилган ишбилармонлик муҳитига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.

 

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу борада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар самарасини республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва преференциялар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шуниси ҳам эътиборга моликки, ҳозирда мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари орасида юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтаётганлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг 1 март ҳолатига якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар сони 199 974 тани ташкил этди ва бу кўрсаткичнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 830 тага кўпайганлиги юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир.

Бунинг асосий сабаби шуки, республикамизда юридик шахслар томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни молия-хўжалик фаолиятининг ҳисобот давридаги натижаларига мувофиқ ҳолда тўланса, якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгилаб қўйилган солиқ тўловларини амалга оширадилар. Яъни, тадбиркорлик субъекти ой давомида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар белгиланган, муайян тўловдан четга чиқмайди. Солиқлар тадбиркорнинг фаолият тури ва уни амалга ошириш жойига қараб энг кам иш ҳақига каррали миқдорларда белгиланган ставкалар бўйича тўланади. Бунинг устунлик тарафи шундаки, тўлов тушум суммасига боғлиқ бўлмайди.

Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган "Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати"даги барча фаолият турларини амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун якка тартибдаги тадбиркорга қатор имкониятлар яратилган, хусусан, у ўзини ижтимоий суғурта қилдириш, иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига ҳисоблатиш ҳуқуқига эга. Банк муассасасида ҳисоб рақамига эга бўлиш ҳуқуқи, муҳр ва штампнинг борлиги хусусий тадбиркорга хўжалик фаолиятининг тўлақонли субъекти бўлиш, юридик шахслар билан шартнома асосидаги муносабатларга киришиш имкониятини беради. Шунингдек, у ҳисобот топширишда интерактив хизматлардан фойдаланиши, шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мумкин.

 Айниқса, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар учун бир қатор солиқ имтиёзлари берилганлиги алоҳида эътиборга молик. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 311- ва 375-моддаларига асосан, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадалларини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлаши белгиланган.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлаш ва уларга ўз бизнесларини йўлга қўйиб олгунларича шароит яратиш мақсадида, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўқишни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилган. Бу ўз навбатида ёш тадбиркор учун ушбу даврда фаолиятини ривожлантириб олишида катта туртки бўлади.

Бироқ, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.

Яна бир имтиёз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги "Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2844-сонли қарори билан берилди. Ушбу қарорга асосан, 2021 йилнинг 1 январига қадар мазкур қарорнинг 1-иловасида қайд этилган 18 та фаолият турлари (асосан маиший хизматлар) билан шуғулланадиган янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари ушбу қарорда кўзда тутилган қоидаларга биноан микрокредитларни расмийлаштиришда 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловидан озод этилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар бир неча фаолият тури билан шуғулланишлари мумкин. Бунинг учун уларга бошқа бир ходимларни ишга жалб қилиш зарурати юзага келади. Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4725-сонли Фармонига асосан, 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилган.

Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сонли қарори қабул қилиниб, "Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Низом тасдиқланган. Ушбу Низомга асосан, хусусий тадбиркор томонидан унинг билан меҳнат муносабатлари ўрнатган ва тузилган меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажарадиган ходимга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи олинмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан нафақага чиққан шахслар ёки ёлланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда ҳам имтиёзлар назарда тутилган. Масалан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланадиган ходимлар учун суғурта бадали миқдори ҳар бир ходим учун белгиланган миқдорнинг 50 фоизини ташкил этиши керак. Яъни, ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида белгиланган. Ушбу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. Календарь йил мобайнида имтиёзларга ҳуқуқ пайдо бўлганда ёки тўхтаганда суғурта бадалларини қайта ҳисоблаш ушбу ҳуқуқ пайдо бўлган ёки тўхтаган ойдан бошлаб амалга оширилади.

Агар, хусусий тадбиркор қатъий белгиланган солиқни тўлашдан қонунчиликка мувофиқ вақтинчалик озод қилинган ҳолларда, мазкур имтиёз қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун тўлашга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сонли Фармонига асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун – бир ойда энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилди.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ юкини янада камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги 3454-сонли қарорига асосан қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди ҳамда тадбиркорлик субъектларига уларнинг фаолиятини амалга оширадиган ҳудудига қараб ажратган ҳолда солиққа тортиш тартиби белгиланди.

Масалан, 2017 йилда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун қатъий белгиланган солиқ миқдори Тошкент шаҳри учун энг кам иш ҳақининг 10 баробарини ҳамда вилоятлар марказларида 6,5 баробарни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда Тошкент шаҳри учун энг кам иш ҳақининг 7 баробари ва вилоятлар марказларида 5 баробари миқдорида белгиланди.

Юк ташиш хизматлари учун автомобилларнинг юк кўтариш ҳажмига (тоннасига) қараб 2017 йилда энг кам иш ҳақининг 2-4 баробар миқдорида белгиланган бўлса, 2018 йилдан 1,5-3,5 баробар қилиб белгиланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ушбу имтиёз натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 86 миллиард сўм миқдордаги маблағ қолиши кутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мазкур имтиёз ва преференциялар мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, янги иш ўринлари очиш билан бирга, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишни рағбатлантиради.

 

Комил САИДОВ, Давлат солиқ қўмитасининг давлат солиқ бош инспектори