ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Ходим бир ойдан сўнг ишдан бўшатилди...

EREPORT дастурининг "Интерактив маслаҳатлар" бўлими

Ходим бир ойдан сўнг ишдан бўшатилди...

 

Корхонамизда ходим ноябрь ойида узрсиз сабабга кўра бир неча кун ишга чиқмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-бандига мувофиқ ишдан бўшатилди. У судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўзининг прогулдан сўнг орадан бир ой ўтганидан кейин ишдан бўшатилганлигини айтиб, ишга қайта тикланишни талаб қилмоқда. Айтингчи, унинг талаби тўғрими?

Корхона раҳбари

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ, ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин;

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш (Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3 ва 4-бандлари).

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, иш берувчи ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли, яъни ходимнинг меҳнат интизомини бузганлиги интизомий жазо чораларини қўллаш учун асос бўлади. Шу билан бирга қонунчиликда интизомий жазо чорасини қўллашнинг муайян тартиби, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳам белгиланган. Мазкур тартибга риоя этмаслик ходим ҳуқуқини бузганлик ҳисобланиб, интизомий жазо чорасини бекор қилиш учун асос бўлади.

Интизомий жазо чорасини қўллаш муддатларига риоя этиш ушбу мажбурий талаблардан бири ҳисобланади.

Меҳнат кодексининг 182-моддасига мувофиқ, интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.

Корхонангиз ходими ўтган йилнинг ноябрь ойида ишга чиқмаган бўлиб, ушбу ҳолат шу ойнинг ўзида аниқланди, бироқ ушбу ходим билан тузилган меҳнат шартномаси жорий йилнинг январь ойида, яъни ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб бир ойдан кейин бекор қилинди. Тегишлича, бир ойлик муддат ўтиб кетишининг сабаби ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақти бўлса, интизомий жазо чорасини қўллаш муддати ўтмаган ҳисобланади. Акс ҳолда корхонангиз ходимининг талаби тўғри.

Ёқубжон ИСҲОҚОВ, ҳуқуқшунос-эксперт