ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Солиқ таътиллари кимларга қандай тартибда берилади?

EREPORT дастурининг "Интерактив маслаҳатлар" бўлими

Солиқ таътиллари кимларга қандай тартибда берилади?

Айтингчи, янги ташкил этилган корхоналар учун "солиқ таътиллари" тушунчаси нималарни англатади? Мен ўзимнинг хусусий кичик корхонамни ташкил этсам, бир йил муддат давомида солиқ тўламаслигим ва ҳисобот топширмаслигим мумкинми ёки улар фақат оборот бўлмаган даврда тақдим этилмайдими?

Корхона раҳбари

 

Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, илгари солиқ қонунчилигида "солиқ таътиллари" тушунчаси мавжуд бўлмаган, аксинча фақат "солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш" тушунчаси бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-455-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Солиқ кодексининг 54-моддасига қуйидаги нормалар киритилди:

"Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш:

• солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш ҳисобидан солиқ таътиллари тарзида берилади ва бунда солиқ тўловчига тўлаши керак бўлган тегишли солиқ тўловларини маълум бир муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаш имконияти тақдим этилади;

• солиқ қарзини бир йўла ёки босқичма-босқич тўлаган ҳолда тўлаш муддатини кейинроқ муддатга кўчириш тарзида берилади.

Солиқ таътиллари:

• вақтинчалик молиявий қийинчилик­ларга дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга – солиқ таътили бериш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга берилади. Инсофли солиқ тўловчиларга охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчилар киради;

ягона солиқ тўловини тўловчиларга, бундан Солиқ кодексининг 350-моддаси биринчи қисми 2-бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар мустасно, ягона солиқ тўловини тўлаш бўйича давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан бир йилгача бўлган муддатга берилади".

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 350-моддаси биринчи қисми 2-бандида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳамда лотереялар ташкил қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш доирасидаги юридик шахслар қайд этилган.

Ягона солиқ тўловини тўловчиларга солиқ таътиллари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари томонидан берилади.

Энди "Мен ўзимнинг хусусий кичик корхонамни ташкил этсам, бир йил муддат давомида солиқ тўламаслигим ва ҳисобот топширмаслигим мумкинми ёки улар фақат оборот бўлмаган даврда тақдим этилмайдими?" деган саволингизга жавоб бериб ўтамиз.

Биринчидан, агар сиз савдо ёки умумий овқатланиш корхонасини ташкил этсангиз, ушбу фаолиятлар учун солиқ таътиллари назарда тутилмаган.

Иккинчидан, солиқ таътиллари бирон-бир фуқаро томонидан кичик корхона ташкил этилаётганда автоматик тарзда (ўз-ўзидан) берилмайди. Бунинг учун сиз давлат солиқ хизмати органига ўзингизга солиқ таътиллари зарурлигини асослаган ҳолда ариза билан мурожаат этишингиз керак бўлади. Аризангиз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.*

Учинчидан, солиқ ҳисоботини албатта тақдим этиш лозим. Чунки солиқ таътиллари солиқлардан тўлиқ озод этмайди, балки уларни тўлашни кечиктириш имкониятини яратиб беради. Сизнинг (солиқ тўловчининг) карточкангизда ягона солиқ тўловини ҳисоблаш амалга оширилади (тўлов муддати кечиктирилади) ва бунда пеня ҳисобланмайди.

Тўртинчидан, солиқларни тўлашни кечиктириш, яъни солиқ таътиллари ўзида ходимлар иш ҳақидан ундириладиган солиқларни, божхона тўловларини ва давлат божларини тўлашни кечиктиришни назарда тутмайди. Яъни, солиқ таътиллари берилган вақтда умуман ҳеч қандай солиқлар тўланмайди, деган фикр нотўғри.

Ягона солиқ тўлови оборотлардан олиниши муносабати билан оборотлар бўлмаса ва сиз савдо билан шуғулланмасангиз, ягона солиқ тўловини тўламайсиз. Янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида, агар мазкур муддатда улар ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурган тақдирда, қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санадан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини тўламайди. Ушбу қоида Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2203, 2011 йил 3 март) 2-банди "г" кичик бандида белгилаб қўйилган.

Бунда шуни айтиб ўташ керакки, мазкур тартиб ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2449, 2013 йил 4 апрель) мувофиқ ҳисоблаб чиқарувчи савдо корхоналарига татбиқ этилмайди ва солиқ таътиллари улар учун назарда тутилмаган.

* Мазкур тартиб ҳали тасдиқланмаган.

Икром АБДУЛҚОДИРОВ, ҳуқуқшунос-эксперт