ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Мол-мулк солиғи қайси қийматдан келиб чиқиб белгиланади?

EREPORT дастурининг "Интерактив маслаҳатлар" бўлими

Мол-мулк солиғи қайси қийматдан келиб чиқиб белгиланади?

Эски уйда яшаймиз ва яқин кунларда уни бузиш режалаштирилган. Квартирамизнинг инвентарлаш қиймати 2 897 минг сўмни ташкил этади. Илгари мол-мулк солиғи 3 миллион сўмдан ҳисобланар эди. Маълум бўлишича, энди мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартибига ўзгартириш киритилибди. Шу муносабат билан 2018 йилда мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби юзасидан тушунтириш берсангиз.

 

Газета муштарийси

 

Ҳақиқатан ҳам 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг инвентарлаш қийматидан эмас, балки кадастр қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Объектларнинг кадастр қиймати "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасида мавжуд кадастр ҳужжатлари ва инвентарлаш материаллари асосида ҳисоб­ланади ва ушбу маълумотлар солиқни ҳисоблаш учун солиқ инспекцияларига тақдим этилади. Агар илгари солиқни ҳисоблаш учун мол-мулкнинг энг кам қиймати 3 миллион сўм миқдорида қабул қилинган бўлса, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу сумма 42 миллион сўмни ташкил этади.

Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий мак­роиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-3454-сонли қарори (кейинги ўринларда – ПҚ-3454-сонли қарор) билан киритилди. Бунда квартирангиз кадастр органларида 41 276 минг сўмга баҳоланса, солиқ 42 000 минг сўмдан ҳисоблаб чиқарилади. Мол-мулкнинг кадастр қийматини "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг расмий веб-сайтидаги тегишли интерактив хизмат орқали ҳам аниқлаш мумкин. Бунинг учун кўчмас мулкнинг турини (квартира ёки якка тартибдаги уй-жой) ва кадастр рақамини кўрсатиб ўтиш лозим.

Мол-мулкнинг кадастр қиймати инвентарлаш қийматидан юқори бўлиб, ПҚ-3454-сонли қарорга мувофиқ, мол-мулкни кадастр қийматидан келиб чиқиб солиққа тортишга ўтилгандан сўнг, солиқ юкининг кескин ўсишига йўл қўймаслик мақсадида жисмоний шахслар мулкига кадастр қиймати асосида белгиланган солиқ миқдори 2017 йилда ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баравардан кўпроққа оширилиши мумкин эмаслиги назарда тутилди.

Солиқ солинадиган база ошганлиги муносабати билан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари камайтирилди. Мазкур ставкалар ПҚ-3454-сонли қарорнинг 18-иловаси билан тасдиқланган.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари (умумий майдони 200 кв.метрдан ошиқ бўлганлари бундан мустасно), бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар учун солиқ ставкаси мол-мулкнинг кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз (илгари – 1,7 фоиз) этиб белгиланди.

Шаҳарларда жойлашган, умумий майдони қуйидагича бўлган турар жойлар ва квартиралар:

• 200 кв.метрдан ошиқ ва 500 кв.метр­гача бўлганлари учун – солиқ ставкаси 0,25 фоиз (илгари – 2,1 фоиз эди);

• 500 кв.метрдан ошиқ бўлганлари учун – солиқ ставкаси 0,35 фоиз (илгари – 2,9 фоиз эди);

бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.метрдан ошиқ бўлган турар жойлар ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари учун солиқ ставкаси 0,25 фоиз (илгари – 2,1 фоиз эди) этиб белгиланди.

Мазкур ҳолатни қуйидаги мисолда кўриб чиқамиз.

Агар 2017 йилда солиқ квартирангизнинг инвентарлаш қийматидан (бироқ 3 000 минг сўмдан кам бўлмаган) келиб чиқиб, 51 минг сўмни (3 000 минг сўм х 1,7 фоиз = 51 минг сўм) ташкил этган бўлса, 2018 йилда кадастр қиймати 41 276 минг сўмни ташкил этганда, солиқ 42 000 минг сўмдан ҳисоблаб чиқарилади ва 84 минг сўмни (42 000 минг сўм х 0,2 фоиз = 84 минг сўм) ташкил этади.

Бироқ сиз 61,2 минг сўм тўлашингиз керак, яъни солиқ миқдори 2017 йилда ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баравардан кўпроққа оширилмайди (51 минг сўм х 1,2 фоиз = 61,2 минг сўм).

Бунда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан назарда тутилган имтиёзлар сақланиб қолинди. Яъни, ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, пенсионерлар, I ва II гуруҳ ногиронлари учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 кв.метр ҳажмида белгиланади.

2018 йилнинг 1 январидан бош­лаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан келишилган ҳолда минтақанинг ва фаолиятни амалга ошириш жойининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқ ва жисмоний шахсларнинг ер солиғи бўйича белгиланган ставкаларга нисбатан 0,7 дан 1,3 гача пасайтирилувчи ва оширилувчи коэффициентлар ўрнатиш ҳуқуқи берилди.

ПҚ-3454-сонли қарорнинг 18-иловасида келтирилган изоҳларга мувофиқ, жисмоний шахслар мол-мулкининг баҳолаш органлари белгилаган кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларида 210 000 минг сўм (илгари – 20 328 минг сўм эди), бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 90 000 минг сўм (илгари – 8 833 минг сўм эди) миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан (420 000 минг сўм ёки 180 000 минг сўм) келиб чиқиб ундирилади.

 

Сарвар МАҚСУДОВ, эксперт