ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Ҳисобот рад этилганда

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Ҳисобот рад этилганда

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 45-моддаси охирги хатбошида "камчиликлари тузатилган солиқ ҳисоботи уни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугагунига қадар тақдим этилган тақдирда, солиқ тўловчига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди", деб белгилаб қўйилган.

Тушунтириш берсангиз, рад этилган солиқ ҳисоботини қайси муддатларда қайта тақдим этиш мумкин? Ушбу ҳолат қайси ҳужжатда белгилаб қўйилган?

Масалан, йиллик ҳисобот давлат солиқ хизмати органларининг сайтига йилнинг 15 февраль куни жўнатилди. Ҳисобот кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Ҳисобот кўриб чиқилган кунда солиқ инспектори ҳисоботни қабул қилишни рад этди (рад жавобининг сабаблари кўрсатилди). Солиқ тўловчи тузатилган солиқ ҳисоботини қайси муддатларда тақдим этиши лозим?

Корхона бухгалтери

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 45-моддасига мувофиқ, солиқ ҳисоботи дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилинади.

Саволингиздан келиб чиққан ҳолда шундай хулосага келиш мумкинки, йиллик ҳисобот топшириладиган муддатнинг охирги кунида тақдим этилган.

Солиқ ва молиявий ҳисобот қабул қилинадиган вақтда камерал назорати амалга оширилмайди. Яъни, солиқ органи солиқ ҳисоботи топширилаётган вақтда уни қабул қилишни рад этиш ҳуқуқига эга эмас ва солиқ тўловчига ҳисобот электрон шаклда қабул қилинганлиги тасдиғини тақдим этиши шарт.

Солиқ ва молиявий ҳисобот қабул қилинганидан сўнг, солиқ органи камерал назоратни амалга оширади. Солиқ кодексининг 70-моддасига мувофиқ, камерал назорат солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир. Камерал назоратнинг мақсади солиқ тўловчига давлат солиқ хизмати органлари томонидан камерал назорат натижалари бўйича аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик­ларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беришдан иборат.

Агар солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва давлат солиқ хизмати органларидаги мавжуд маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги камерал назорат жараёнида давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабар қилинади.

Солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини тузатишлар киритиш ҳақидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, тасдиқловчи ҳужжатларни ёзма шаклда, шу жумладан, электрон шаклда илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт.

Солиқ кодексининг 45-моддасига мувофиқ, камчиликлари тузатилган солиқ ҳисоботи уни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугагунига қадар тақдим этилган тақдирда, солиқ тўловчига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

 

ХУЛОСА

Агар ҳисобот уни тақдим этишнинг охирги муддатида топширилган бўлиб, сўнгра у қабул қилинганидан сўнг унга 10 кунлик муддатда тузатиш киритиш (аниқлаштирилган солиқ ёки молиявий ҳисоботни тақдим этиш) тўғрисидаги талаб қўйилса ва тузатиш киритилган (аниқлаштирилган) ҳисобот белгиланган муддатда тақдим этилса, солиқ тўловчига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

 

Икром АБДУЛҚОДИРОВ, ҳуқуқшунос-эксперт