ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Ходимнинг меҳнат таътили ҳисоб-китоби

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Ходимнинг меҳнат таътили ҳисоб-китоби

Корхонамизда жадвалга мувофиқ, навбатдаги меҳнат таътили мавсуми давом этмоқда. Айтингчи, таътил кунлари сони ва пули масалан, 2017 йилнинг июль ойида навбатдаги меҳнат таътилига чиққан ходимга бериладиган меҳнат таътили ҳақи суммаси қандай тўғри ҳисоблаб чиқарилади? Меҳнат таътилига чиқаётганда ушбу ходимнинг маоши ўртача 1 500 000 сўмни ташкил этди. Бундай ҳолатда бухгалтерия ёзувлари қандай бўлади?

 

АСОСИЙ ҚОИДАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 134-моддасига мувофиқ, ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади.

Таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган ва (Меҳнат кодексининг 131-моддасига мувофиқ) ишланмайдиган кунлар деб ҳисоб­ланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди (Меҳнат кодексининг 139-моддаси).

Айрим тоифадаги ходимларга (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига) Меҳнат кодексининг 135-моддасига мувофиқ, узайтирилган таътиллар белгиланади. Таъкидлаш керакки, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганидан ташқари, меҳнат шартномасининг шартларида ҳам узайтирилган йиллик таътиллар бериш назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътил ҳамда оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча таътиллар ходимларга Меҳнат кодексининг 136, 137 ва 138-моддаларига мувофиқ тақдим этилади.

Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан, узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади. Барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас (Меҳнат кодексининг 140-моддаси).

Эътибор беринг, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бош­ланган кундан эътиборан ҳисобланади (Меҳнат кодексининг 143-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари).

Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади (Меҳнат кодексининг 148-моддаси иккинчи қисми).

Ходим меҳнат таътилида бўлганда, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, икки ойгача бўлган муддатда иш қидириш (меҳнат бўйича маҳаллий орган томонидан берилган маълумотномага мувофиқ уч ой), шунингдек, касаллик даврида тариф ставкалари, лавозим маошлари миқдорлари ошган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловлар қайта ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 6-банди).

 

СОЛИҚ СОЛИШ

Ҳисобланган меҳнат таътили пули суммаси ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киради (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 175-моддаси 1-банди "а" кичик банди) ва тегишлича, унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС), шунингдек ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинади (Солиқ кодексининг 306, 307-моддалари).

Агар таътилга чиқиш вақтида "таътил учун мукофот" тўланса, унга ЖШОДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинади (Солиқ кодексининг 173-моддаси 4-банди, Солиқ кодексининг 306, 307-моддалари). Фойда солиғи тўловчилари учун таътилга мукофот (қўшимча тўлов) суммаси тўлиқ меҳнат таътили пули суммасидек, чегириладиган харажатларга киради (Солиқ кодексининг 143-моддаси 7-банди "а" кичик банди, 5-банди "ж" кичик банди).

Эслатиб ўтамиз, ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқарганда ва Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобининг 3-иловасини (рўйхат рақами 2439, 2013 йил 22 март) тўлдирганда шуни ҳисобга олишингиз керакки, Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги (рўйхат рақами 2095, 2010 йил 13 апрель) низомнинг 4-бандига мувофиқ, ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларига, шунинг­дек йиллик меҳнат таътилларига ва иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган таътилларга тўғри келадиган кунлар ҳам тааллуқлидир.

 

НИМАЛАР ҲИСОБГА ОЛИНАДИ?

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 1-бандига мувофиқ, таътиллар вақтига ҳақ тўлаш, ишдан бўшатиш нафақасини, ишсизлик нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ўн иккидан бирга (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказолар), ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммани ўндан бирга оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.

Таъкидлаш керакки, таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади (Меҳнат кодексининг 141-моддаси).

Масалан, ходим 2016 йилнинг 1 июлида ишга қабул қилинди. Ушбу ходим 2017 йилнинг 1 июлида меҳнат таътилига чиқди. Бироқ, у 2017 йилнинг 1 апрелидан 2017 йилнинг 30 июнигача аризаси ва корхона раҳбари буйруғига мувофиқ иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилида бўлган. Корхонада жамоа шартномасига мувофиқ 24 кунлик меҳнат таътили белгиланган. Тегишлича, иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътили ойлари таътил пули ҳисоб-китобида ҳисобга олинмайди. Бунда таътил кунлари ҳисоб-китоби қуйидаги кўринишга эга бўлади: (24 х 9 / 12) = 18 кун.

 

ШАРТЛИ МИСОЛДА ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРАМИЗ

Ходимга ариза ва буйруққа мувофиқ, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳар йилги меҳнат таътили берилди. 2017 йилнинг июнь ойида у тўлиқсиз ой ишлади (5 кун бетоб бўлди, бу касаллик варақаси билан тасдиқланди). Корхонанинг жамоа шартномасига мувофиқ ҳар йилги меҳнат таътилининг муддати – 24 кун.

Ходимнинг қуйидаги маълумотларини кўриб чиқамиз (жадвалга қаранг).

Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи:

1 500 000 (меҳнат учун ишбай асосида ҳақ тўланган ҳолда белгиланган лавозим маоши – белгиланган тариф) + 750 000 (белгиланган лавозим маошидан ошадиган сумма) / 12 (ойлар сони) = 1 562 500 сўмни ташкил этади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилмайди.

Бир кунлик таътил пули миқдори ўртача ойлик иш ҳақини қонунчиликка мувофиқ белгиланган ва доимий 25,4 кунни ташкил этадиган бир ойдаги ўртача иш кунлари сонига бўлиш йўли билан аниқланади – 61 515,75 сўм (1 562 500 / 25,4).

Таътил пули миқдори:

1 476 378 сўмни (61 515,75 х 24) ташкил этади.

Бухгалтерия ёзувлари, яъни меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоб­лаш ва ушбу даромадлардан солиқлар ва мажбурий тўловларни ушлаб қолиш бўйича ёзувлар 21-сонли БҲМС "Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома"га (рўйхат рақами 1181, 2002 йил 23 октябрь) мувофиқ стандарт кўринишга эга бўлади.

 

Давр

Маош миқдори

Маош бўйича амалда ҳисобланди

Мукофот

Озиқ-овқат учун компенация

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси

Июль 2016 й

900 000

800 000

 

 

 

Август 2016 й

900 000

900 000

 

 

 

Сентябрь 2016 й

900 000

900 000

 

 

 

Октябрь 2016 й

900 000

900 000

 

 

 

Ноябрь 2016 й

900 000

900 000

 

50 000

 

Декабрь 2016 й

1 000 000

1 000 000

200 000

50 000

 

Январь 2017 й

1 000 000

1 000 000

200 000

50 000

 

Февраль 2017 й

1 500 000

1 500 000

 

 

 

Март 2017 й

1 500 000

1 500 000

200 000

 

 

Апрель 2017 й

1 500 000

1 500 000

 

 

 

Май 2017 й

1 500 000

1 500 000

 

 

 

Июнь 2017

1 500 000

1 159 090,91

(1 500 000 х 17 / 22)

 

 

213 068,18

((1 500 000 + 750 000 / 12) / 22 х 60% х 5)

Жами:

14 000 000

13 659 090,91

600 000

150 000

213 068,18

 

 

Татьяна СТЕПАНОВА