ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Тўланган давлат божини устав фондидаги улуш ҳисобига ўтказиш мумкинми?

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Тўланган давлат божини устав фондидаги улуш ҳисобига ўтказиш мумкинми?

 

Юридик шахс масъулияти чекланган жамиятини ташкил этишда муассисларнинг бири сифатида иштирок этиб, ушбу масъулияти чекланган жамиятни рўйхатдан ўтказувчи органда ("ягона дарча" маркази орқали) рўйхатдан ўтказиш учун давлат божини тўлади. Жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги шартномада муассислар ўз улушларини устав фондига пул шаклида киритадилар, деб қайд этилган. Айтингчи, юқорида келтирилган муассисларнинг бири бўлган юридик шахс келгусида тўланган давлат божи суммасини масъулияти чекланган жамиятнинг устав фондига киритиладиган устав капитали улуши қисми сифатида ҳисобга олиши мумкинми (мазкур муассиснинг устав фондидаги улуши 60 фоизни ташкил этади)?

 

Корхона бухгалтери

 

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, хўжалик ширкати ёки жамиятининг мол-мулкига пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа буюмлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар ҳисса сифатида қўшилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 58-моддаси тўққизинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни 15-моддаси). Таъсис шартномасида шу жумладан, жамият таъсис этилаётганда унинг устав фондига (устав капиталига) ҳиссаларни қўшиш тартиби, миқдори, усуллари ва муддатлари ҳам белгиланади (Ўзбекистон Республикасининг "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни 12-моддаси).

Кўриб чиқилаётган ҳолатда таъсис шартномаси билан айнан пул маблағлари муассисларнинг жамият устав фондига киритадиган улуши бўлиши белгилаб қўйилган. Юқорида келтирилган нормаларда ёки фуқаролик қонунчилигининг бошқа қоидаларида жамият муассиси ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятни рўйхатдан ўтказиш учун тўланган давлат божи билан боғлиқ харажатларини ушбу жамиятнинг устав фондига киритиладиган улуш сифатида ҳисобга олиши мумкинлиги назарда тутилмаган.

Шунингдек, шуни инобатга олиш керакки, давлат божининг тўланиши амалда жамиятни ташкил этиш билан боғлиқ харажат ҳисобланади ҳамда жамиятни ташкил этиш билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича жавобгарлик унинг муассислари зиммасида бўлади. Ушбу хулоса Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 327-моддасидан келиб чиқиб, унга мувофиқ, юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилиши ва (ёки) ҳужжатлар берилиши хусусида ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир.

Масъулияти чекланган жамият рўйхатдан ўтказилгунига қадар тузилган деб ҳисобланмайди (Фуқаролик кодексининг 41, 44-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни 5-моддаси), шунингдек, рўйхатдан ўтказувчи органга тегишли сўровнома ёки ариза билан мурожаат этувчи ҳамда сўровнома шакллантирилиши охирига етганидан сўнг давлат божини тўловчи (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-банди) жисмоний шахс ёки юридик шахс ёхуд улар томонидан белгиланган ваколатли шахс ариза берувчи ҳисобланади. Шуларни инобатга олган ҳолда, ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятнинг ўзи янги ташкил этилаётган юридик шахс рўйхатдан ўтказиш учун давлат божини тўлашга мажбур шахс деб эътироф этилмайди, бунда унинг муассислари тўловни амалга оширувчи шахслар деб эътироф этилиши лозим.

Шунга кўра, кўриб чиқилаётган ҳолатда муассисларнинг бири томонидан янги ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятни рўйхатдан ўтказиш учун тўланган давлат божи суммаси ушбу жамиятнинг устав фондига киритиладиган улуш сифатида ҳисобга олинмайди.

 

Елена ЕРМОХИНА, ҳуқуқшунос-эксперт