ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Кредитор ўзгарганда имтиёз сақланиб қоладими?

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Кредитор ўзгарганда имтиёз сақланиб қоладими?

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган масъулияти чекланган жамиятимиз 2017 йилнинг январь ойида Россия Федерациясидан технологик бўлмаган ускунани импорт қилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибига кирганлиги муносабати билан олиб кирилган ускунани божхонада расмийлаштиришда (ИМП 40) имтиёз қўлланилди, яъни божхона божи тўланмади. Айни пайтга қадар етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоб қилинмади. Октябрь ойининг охирида етказиб берувчи (Россия) мурожаати ҳамда бизнинг розилигимизга кўра, уч томонлама цессия (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш) шартномаси тузилган бўлиб, унга мувофиқ, талаб қилиш ҳуқуқи етказиб берувчидан (Россия) Буюк Британия резиденти бўлган компанияга ўтди. Шу муносабат билан тушунтириш берсангиз, мазкур ҳолатда божхона божидан озод бўлиш тарзидаги имтиёз сақланиб қоладими?

Корхона бухгалтери

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 300-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди.

Ўзбекистон Республикаси эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида халқаро шартнома тузган давлатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, агар товар эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги халқаро шартнома иштирокчилари бўлган давлатлардан бирининг резиденти томонидан экспорт қилинаётган бўлса ва ушбу шартнома иштирокчиси бўлган давлатнинг резиденти томонидан шартнома иштирокчиси бўлган бошқа давлатнинг божхона ҳудудидан олиб кирилган бўлса, божхона божлари қўлланилмайди. Бунда резидент деганда шу давлат ҳудудида ташкил этилган ташкилот ёхуд шу давлат ҳудудида доимий яшайдиган жисмоний шахс тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги 197-сонли қарори билан тасдиқланган Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига (кейинги ўринларда – Рўйхат) мувофиқ, "Эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда давлат божхона хизмати органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1. Божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазир­лар Маҳкамасининг 2013 йил 22 майдаги 139-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган импорт қилинадиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар.*

3. Товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

4. Товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).

Божхона кодексининг 3-моддасига мувофиқ, божхона ишида божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Сиз юқорида таъкидлаб ўтганингиздек, олиб кирилган товарларни "Эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштиришда тариф преференцияси қўлланилиб, божхона божи тўланмаган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда шундай хулосага келиш мумкинки, Божхона кодексининг 300-моддаси ҳамда Рўйхатда назарда тутилган талаб­ларга риоя этилган, яъни Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлат резиденти (Россия Федерацияси) жамиятингиз томонидан импорт қилинган товар экспортчиси бўлиб иштирок этган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 319-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, кредиторнинг ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечишига, башарти у қонунларга ёки шартномага зид бўлмаса, йўл қўйилади.

Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳолатида мажбуриятдаги шахс (кредитор) ўзгаради.

Шунга кўра, ташқи савдо контракти бўйича цессия (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш) шартномаси тузилганлиги натижасида мажбуриятдаги шахс ўзгарган бўлиб, жамиятингиз унинг олдида етказиб берилган ускуна учун қарздорликни қоплаши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, агар олиб кирилган товарлар бўйича уларни "Эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштиришда қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда тариф преференцияси қўлланилган бўлса, кредиторлик қарздорлигини талаб қилиш ҳуқуқидан Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлат резиденти бўлмаган бошқа шахс фойдасига воз кечиш натижасида юқорида қайд этилган товар бўйича тариф преференцияси ўз кучини йўқотмайди.

* Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сонли қарорига мувофиқ, экспорт божхона юк декларациясини мажбурий равишда тақдим этиш тўғрисидаги талаб 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб бекор қилинди.

 

 

 

Валерий ЛИ, Молия вазирлигининг Солиқ ва божхона-тариф сиёсати бошқармаси бўлим бошлиғи