ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Корхонани тугатиш – бухгалтерия ҳисобида

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Корхонани тугатиш – бухгалтерия ҳисобида

Масъулияти чекланган жамиятимиз айни пайтда ихтиёрий тугатиш жараёнида. Корхонанинг устав фонди у ташкил этилганда, яъни 2012 йилда 200,0 миллион сўмни ташкил этган ва тўлиқ асосий воситалардан шакллантирилган. Корхона фаолият юритиш жараёнида бир нечта асосий воситалар сотиб олинган бўлиб,  айни пайтда уларнинг қолдиқ қиймати 50,0 миллион сўмни ташкил этади. Устав фондини шакллантириш учун жамиятнинг балансига илгари кирим қилинган асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати бугунги кунда 100,0 миллион сўмга тенг. Корхонани тугатиш жараёнида муассис тасарруфида қолаётган асосий воситаларнинг жами қолдиқ қиймати 150,0 миллион сўмни ташкил этмоқда. Айни пайтда бошқа мол-мулкка эга эмасмиз.

Тушунтириш берсангиз, устав фондини (200,0 миллион сўм) шакллантириш учун жамият балансига киритилган муассислар мол-мулкининг бошланғич қиймати жамият муассислари тасарруфида қолган мол-мулкнинг қолдиқ қийматидан (150,0 миллион сўм) ошмаса ҳам, муассис (жисмоний шахс)нинг тасарруфида қолган мол-мулк қийматига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланадими? Бунда бухгалтерия ёзувлари қандай ёзилади?

 

МЧЖ бухгалтери

 

МОЛ-МУЛКНИ ИНВЕНТАРЛАШ

Корхонани тугатишда Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низом (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли қарори иловаси, кейинги ўринларда – 630-сонли Низом) ва Тугатилаётган корхонанинг мол-мулки ва мажбуриятларини инвентарлашни ташкил этиш ва қийматини аниқлаш бўйича йўриқнома (рўйхат рақами 887, 2000 йил 3 февраль, кейинги ўринларда – Йўриқнома) қоидаларига риоя этишингиз лозим.

Йўриқномага мувофиқ, тугатилаётган корхонанинг барча мол-мулки, шу жумладан, асосий воситалари инвентарланиши лозим. Тугатилаётган корхона мол-мулкини инвентарлаш, қийматини аниқлаш ва келгусида сотиш билан боғлиқ ишларни ташкил қилиш тугатиш бошқарувчисига юклатилади (Йўриқноманинг 1.5-банди).

Йўриқноманинг 1.6-бандида белгиланганидек, тугатиш бошқарувчиси 1-иловага мувофиқ буйруққа асосан инвентарлаш комиссиясини тузади, унинг таркибига тугатилаётган корхонанинг бухгалтерлари, меҳнат жамоаси вакиллари, муассислари (иштирокчилари) ва кредиторлари киритилади. Мол-мулкида давлат мулки улуши бўлган корхоналарни тугатишда инвентарлаш комиссиясига молия органлари, банк муассасалари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вакиллари киритилиши мумкин. Тугатиш бошқарувчиси инвентарлаш ва мол-мулкнинг қийматини аниқлаштириш бўйича ишларни бажаришга инвентарлаш натижаларининг тўғрилиги ва ишончлилиги учун жавобгар бўладиган ихтисослаштирилган (аудиторлик) ташкилотларни шартнома асосида жалб этиши мумкин.

Инвентарлашда аниқланган ҳисобга олинмаган бинолар ва иншоотлар қийматини баҳолаш кадастр хизматини жалб қилган ҳолда амалга оширилиши лозим (Йўриқноманинг 3.3-банди).

Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда тугатувчи томонидан мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва корхона мол-мулкини очиқ савдоларда сотиш ташкил этилади (630-сонли Низомнинг 25-банди).

Бошқа ҳолатларда қонунчилик томонидан тугатувчи зиммасига ихтиёрий тугатилаётган корхонанинг асосий воситаларини баҳолашга ҳар қандай ташкилотларни жалб этиш мажбурияти юкланмайди.

 

СОЛИҚ СОЛИШ

Ҳисоб-китоб барча кредиторлар билан навбат бўйича амалга оширилганидан сўнг, корхонанинг мол-мулки муассислар ўртасида тақсимланади. Товар-моддий бойликлар қабул қилиш-топшириш далолатномалари орқали топширилади, қолган пул маблағлари тўлов топшириқномалари орқали ўтказилади.

630-сонли Низомнинг 16-банди, "а" кичик бандига мувофиқ "рўйхатдан ўтказган орган хабардор қилинган санадан бошлаб ер солиғи, ягона ер солиғи, мулк солиғи, сув ресурс­ларидан фойдаланганлик солиғи, шунингдек барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилади. Мол-мулкни, тайёр маҳсулот қолдиқларини ва бошқа активларни сотишда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар амалдаги сотиш нархларидан келиб чиққан ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади ва тўланади, ушбу хатбошида кўрсатилганлар бундан мустасно".

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 199-моддаси биринчи қисми 1-бандига мувофиқ, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ходимга иш ҳақи ҳисобига ёки муассисга (иштирокчига) дивидендлар тўлаш ҳисобига мол-мулк бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти, деб эътироф этилади. Бунда агар тугатилаётган корхона – ҚҚС тўловчининг мол-мулки қолдиқлари муассисларга устав фондига дастлабки ҳисса доирасида топширилса, бунга ҚҚС солиш объекти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 199-моддаси иккинчи қисми 5-банди).

Агар активлар (пул маблағлари, товар-моддий бойликлар, асосий воситалар ва бошқалар) устав фондига киритилган улушлардан ортиқ бўлса, улар ҳам муассислар – юридик ва жисмоний шахслар ўртасида дивидендлар кўринишида (Солиқ кодексининг 22-моддаси) дивидендлар солиғи ушлаб қолинган ва солиқ ҳисоботида акс эттирилган ҳолда тақсимланади. Тугатилаётган корхона муассисларига асосий воситалар қолдиқ баланс қиймати бўйи­ча топширилган тақдирда қайта баҳолаш бўйича тузатишларнинг тўпланган сальдоси (бухгалтериянинг 8510-счёти сальдоси) бошқа даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132, 133-моддалари). Ушбу бошқа даромад учун ЯСТ тўловчилари асосий фаолият тури ставкаси бўйича солиқ тўлайди (Солиқ кодексининг 353-моддаси), фойда солиғи тўловчилари эса уни жами даромадга киритади (жадвалга қаранг).

Солиқ кодексининг 129-моддаси учинчи қисми 2-бандида белгиланганидек, муассислар (иштирокчилар) таркибидан чиқилаётганда (чиқарилаётганда) ёки муассис (иштирокчи) улушининг миқдори камайтирилганда, шунингдек, тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланаётганда устав фондига (устав капиталига) ҳисса доирасида олинган маблағлар (мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар)га солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди.

Солиқ кодексининг 355-моддаси тўртинчи қисми 2-бандига мувофиқ, муассислар (иштирокчилар) таркибидан чиқилаётганда (чиқарилаётганда), шунингдек тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланаётганда устав фондига (устав капиталига) ҳиссалар доирасида олинган маблағлар (мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар)­га ягона солиқ тўлови солиш объекти сифатида қаралмайди.

Агар кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун маблағлар етарли бўлмаса, ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъекти муассислари (иштирокчилари)дан унинг мажбуриятларини бажариш учун олинган маблағларга солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси учинчи қисми 15-банди ва 355-моддаси учинчи қисми 14-банди). Ихтиёрий тугатиш жараёни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тугамаса ёки тугатиш жараёни тўхтатилиб, фаолият қайта тикланса, маблағлар бошқа даромад таркибига киритилиб, уларга солиқ солинади.

 

ТУГАТИШ БАЛАНСИ

Тугатувчи кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан, шунингдек, корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари амалда ижро этилгандан кейин, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, молиявий санкциялар суммаси, шу жумладан, текширишлар якунлари бўйича тўлангандан кейин ва корхонанинг мол-мулки мол-мулк­ка эгалик қилиш юзасидан буюмлар бўйича ҳуқуқларга ёки ушбу корхонага нисбатан мажбуриятлар бўйича ҳуқуқларга эга бўлган муассислар (қатнашчилар) ўртасида тақсимлангандан кейин тугатиш баланси лойиҳасини тузади.

Тугатиш баланси корхонанинг муассислари (қатнашчилари) томонидан тасдиқланади ва давлат солиқ хизмати органига топширилади. Шу билан бирга, тугатувчи тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжатларининг Суд департаменти органлари иш юритувида мавжудлиги юзасидан Суд департаменти ҳудудий бошқармасига сўров юборади.

Тугатиш баланси қабул қилингандан кейин давлат солиқ хизмати органи, корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаган тақдирда, бир иш куни мобайнида тугатувчига солиқлар ва бош­қа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисида хулоса бериши шарт. Суд департаментининг ҳудудий бошқармаси, корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати унинг иш юритувида мавжуд бўлмаган тақдирда, ижро этилмаган тегишли ижро ҳужжати иш юритувда мавжуд эмаслиги ҳақида тугатувчига уч иш куни мобайнида ёзма жавоб бериши шарт (630-сонли Низомнинг 30-31-бандлари).

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

Солиқ кодексининг 179-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадларига солиқ солинмайди:

- дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган даромадлар. Ушбу бандда назарда тутилган имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида муассислар (иштирокчилар) таркибидан чиқилганда (чиқиб кетилганда) ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак (19-банд);

- юридик шахслар муассисларининг (иштирокчиларининг) ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектига – юридик шахсга унинг мажбуриятларини бажариш учун йўналтириладиган даромадлари суммалари. Ихтиёрий тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда (9 ойгача, 630-сонли Низомнинг 37-банди) тугалланмаган ёки тугатиш тартиб-таомили тўхтатилган ва фаолият қайта тикланган тақдирда, ушбу имтиёз қўлланилмайди ва солиқ суммаси имтиёз қўлланилган бутун давр учун тўлиқ миқдорда ундирилади (29-банд).

 

МИСОЛ

Тугатилаётган корхонанинг муассислар билан ҳисоб-китоблардан ташқари барча қарздорликлари қопланди.

Бухгалтерия баланси мазкур ҳолатда қуйидаги кўринишга эга бўлади:

Актив

Пассив

0100-счёт

350 000

8330-счёт

200 000

0200-счёт

- 200 000

8510-счёт

20 000

 

 

8710-счёт

-70 000

Активлар (жами)

150 000

Пассивлар (жами)

150 000

 

Бухгалтерия ёзувлари:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

Сумма

(минг сўмда)

дебет

кредит

Муассисларга уларнинг устав фондидаги улуши бўйича қарздорлик акс эттирилди

8330

6620

200 000

Устав фондидаги улуш бўйича қарздорликни қоплаш сифатида муассисларга қолдиқ қиймати бўйича асосий воситалар топширилди

9210

0100

350 000

0200

9210

200 000

8510

9210

20 000

6620

9210

150 000

Асосий восита чиқиб кетишидан бошқа даромад акс эттирилди

9210

9310

20 000

Муассислар улушлари ҳисобидан тугатилаётган корхонанинг зарари қопланди*

6620

8710

50 000

Бошқа даромадга 5 фоиз ставка бўйича ЯСТ ҳисобланди (асосий воситани қайта баҳолаш суммаси)

9820

6410

1 000

Ҳисоб рақамида маблағ мавжуд бўлмаганлиги муносабати билан муассислардан ЯСТ тўлаш учун маблағ олинди

5110

9380

1 000

ЯСТ бюджетга ўтказилди

6410

5110

1 000

Асосий восита тугатилганидан молиявий натижалар счётлари ёпилиши акс эттирилди

9380

9910

1 000

9910

9820

1 000

9310

9910

20 000

9910

8710

20 000

Ушбу операциялар якунланганда барча счётлар сальдоси нолга тенг

0,00

 

 

* Ўзбекистон Республикасининг "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуни 3-моддасига мувофиқ, масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

 

Таҳририятдан:  ушбу мақола муаллиф фикрини ифодалайди. Амалиётда мутахассислар бошқа фикр билдириши ҳам мумкин

 

 

Татьяна СТЕПАНОВА