ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Ишчи-ходимларнинг корхона ошхонасида овқатланиши ҳисоб-китоби

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Ишчи-ходимларнинг корхона ошхонасида овқатланиши ҳисоб-китоби

 

Заводимизда 86 нафар ишчи-ходим фаолият юритади. Раҳбарият меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида ишчиларга овқатланишни йўлга қўйиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини (гўшт, ёғ, нон, картошка, сабзи, гуруч ва бошқалар) сотиб олишни ташкил этди. Ишчилар бепул овқатланади. Айтингчи, бунда солиқ солинадиган база юзага келадими? Масалан, биз бир ойда 6 000 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қиламиз ва ушбу суммани корхонанинг корпоратив пластик картаси орқали тўлаймиз. Озиқ-овқат маҳсулотлари харажатлари суммасини "Асосий ишлаб чиқариш" 2010 бухгалтерия счётига ҳисобдан чиқарамиз. Ҳисобни ушбу тартибда юритишимиз тўғрими?

Корхона бухгалтери

 

Саволларингизга тартиб билан жавоб берамиз.

 

СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТИ МАВЖУДМИ?

Юқорида солиқ солинадиган база юзага келадими, деган савол қўйилган.

Агар гап қўшилган қиймат солиғи ҳақида кетаётган бўлса, ходимларга бепул берилган озиқ-овқат қиймати қўшилган қиймат солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 199-моддаси иккинчи қисми 1-бандига мувофиқ, солиқ тўловчининг харажатлари сифатида қараладиган, унинг ўз эҳтиёжлари учун товарларни бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, бундан ушбу модданинг биринчи қисми 7-бандида назарда тутилган харажатлар мустасно, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти бўлмайди.

Солиқ кодексининг 199-моддаси биринчи қисми 7-бандига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда Солиқ кодексининг 147-моддасига мувофиқ харажатлари чегирилмайдиган солиқ тўловчининг ўз эҳтиёжлари учун ўзи ишлаб чиқарган товарларни бериш, ўз кучи билан ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти, деб эътироф этилади.

Бунда озиқ-овқат қиймати ёки озиқ-овқат қийматини қоплаш меҳнат учун ҳақ тўлаш харажатларига киради ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 141- ва 143-моддалари).

Шунга кўра, корхонанинг ўз ошхонасида тайёрланган озиқ-овқатни ишчиларга бериш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти ҳисобланмайди ва мазкур ҳолатда қўшилган қиймат солиғи бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

Агар ходимларга солиқ солиш ҳақида гап бораётган бўлса, ишчиларга бепул берилган озиқ-овқат қиймати уларнинг меҳнат учун ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига (Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-банди) киритилади. Тегишлича, ушбу суммага жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ЖШБПҲ тўлови солиниб, унга ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳам ҳисобланади.

 

ОШХОНА. ҚОИДАЛАРГА РИОЯ ЭТАМИЗ...

Сизда ошхона, яъни амалда хизмат кўрсатувчи хўжалик мавжуд (Солиқ кодексининг 139-моддасига қаранг). Ошхонадаги ҳисобни батартиб юритишингиз, яъни таомлар калькуляциясини амалга оширишингиз ва таомнома (нонушта, тушлик, кечки овқат) тайёрлашингиз ҳамда иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра, ишчиларга даромад ҳисоблашингиз лозим. Ҳисобни юритиш усулини ва бирламчи ҳужжатлар намуналарини корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттиришни тавсия этамиз. Шунингдек, ошпаз ва ошхона ходимлари тиббиёт дафтарчаларига эга бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра, иш берувчи дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан озиқ-овқат саноатида банд бўлган ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига мувофиқ, ошхона – бу истеъмолчиларни нонушта, тушлик ва кечки овқатлар билан таъминловчи корхонадир. Ошхоналар жойлашган жойига ва хизмат кўрсатиладиган мижозларига кўра умумий равишда фойдаланиладиган саноат корхоналари, муассасалар, қурилишлар, ўқув юртлари ва шу кабилар ҳузуридаги ошхоналарга бўлинади. Ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув юртлари ва муассасалар ҳузуридаги ошхоналарда асосан ҳафта кунлари бўйича турли хил комплекс тушликлар, нонушталар ва кечки овқатлар ташкил этилади. Уларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ва столларга комплекс овқатларни олдиндан қўйиш усуллари қўлланилади.

Умумий овқатланиш субъекти таомлар, маҳсулотлар, ичимликларнинг ассортимент рўйхатини санитария ва технология талабларига тўлиқ риоя қилишни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ишлаб чиқади, таомлар рецептураларини тузади ва тасдиқлайди. Калькуляция карточкаси маҳсулот нархини белгилаш учун асос ҳисобланмайди, у фақат умумий овқатланиш объектлари эгалари томонидан ички фойдаланиш учун хизмат қилади. Маҳсулот нархи унга бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Савдо, омборхона, ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларга, маҳсулот ишлаб чиқариш анжомлари ва жиҳозларига, технология режимларига, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этишга, кўрсатиладиган хизматларга қўйиладиган талаблар ва мезонлар амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар, санитария нормалари, техника хавфсизлиги қоидалари, ёнғиндан сақлаш ва бошқа талабларга мувофиқ белгиланади.

Товарларни сақлаш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ умумий овқатланиш корхонасида ишлайдиган ходим махсус тайёргарликка эга бўлиши ва албатта:

• ушбу Қоидалар;

• санитария-нормалари ва талаблари;

• ёнғиндан сақлаш нормалари;

• стандартлар талаблари;

• техника хавфсизлиги қоидалари билан танишган бўлиши ва уларга риоя қилиши керак.

Умумий овқатланиш корхоналарининг иш режими, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, мустақил равишда, саноат корхоналари, муассасалар, ўқув юртлари ҳузуридаги умумий овқатланиш корхоналарининг иш режими эса маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Умумий овқатланиш корхонаси қўлланишга рухсат этилган ўлчаш воситаларига эга бўлиши ва уларни соз ҳолатда сақлаши, ўз вақтида ва белгиланган тартибда метрологик текширишдан ўтказилиши шарт.

 

КОРПОРАТИВ КАРТА ОРҚАЛИ ХАРИД ҚИЛИШ МУМКИНМИ?

Юқорида озиқ-овқат маҳсулотлари корхонанинг корпоратив пластик картаси орқали харид қилинади, деб айтилган.

Корпоратив банк карталаридан фойдаланилган ҳолда товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларни ўтказиш тартиби Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 1470, 2005 йил 18 апрель, кейинги ўринларда – 1470-сонли Низом) белгиланган.

1470-сонли Низомнинг 11-бандига мувофиқ, корпоратив банк картасига унинг сақловчига тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилишига йўл қўйилмайди.

Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-бандига мувофиқ озиқ-овқат меҳнат учун ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киради.

Қуйида ушбу ҳолатни кўриб чиқамиз.

Сиз корпоратив картага меҳнат учун ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун пул маблағларини ўтказмайсиз, бироқ у орқали озиқ-овқат маҳсулотларини харид қиласиз, ушбу маҳсулотлардан кейинчалик таомлар тайёрланади. Тайёр таомлар эса ишчилар учун меҳнат учун ҳақ тўлаш тарзидаги даромад бўлади. Фикримизча, ушбу ҳолатда 1470-сонли Низомнинг нормалари талаблари бузилмайди, пул маблағлари корхонанинг корпоратив картасига хизмат кўрсатувчи хўжалик, яъни ошхонанинг эҳтиёжлари учун ўтказилади.

Таъкидлаш керакки, корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этиши (1470-сонли Низомнинг 7-банди) шарт.

 

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИДА АКС ЭТТИРИШ

Харажатлар қайси бухгалтерия счётига ҳисобдан чиқарилади?

Корхона ишчиларининг овқатланиш харажатлари "Ошхона" субконто бўйича "Хизмат кўрсатувчи хўжалик" 2710-счётда тўпланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сонли қарори билан Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ харажатлар счётига ҳисобдан чиқарилади. Хусусан, қуйидаги тоифадаги ходимларнинг овқатланиши:

ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларники – "Асосий ишлаб чиқариш" 2010-счётда;

маъмурий-бошқарув ходимларники – "Маъмурий харажатлар" 9420-счётда;

тайёр маҳсулотни реализация қилиш билан банд бўлган ходимларники – "Реализация бўйича харажатлар" 9410-счётда;

ёрдамчи ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларники – "Ёрдамчи ишлаб чиқариш" 2310-счётда;

умумий ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларники – "Умумий ишлаб чиқариш харажатлари" 2510-счётда акс эттирилади.


Бухгалтерия ёзувлари:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Маблағлар ҳисоб рақамидан корпоратив пластик картага ўтказилди

5590 (5530)

5110

Маблағлар картадан сарф қилиниши банк кўчирмасига кўра акс эттирилди

4290

5590 (5530)

Моддий жавобгар шахс ҳисоботи (чеклар илова қилинган ҳолда) ва қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра ошхона учун маҳсулотлар кирим қилинди

1010 (1090)

4290

Хизмат кўрсатувчи хўжалик – ошхонанинг харажатлари акс эттирилди

2710

1010 (1090), 6710 (ошпаз, идиш-товоқ ювувчи иш ҳақи), 6010 (электр энергияси, газ), 0200 (ошхона ускунаси бўлса) ва бошқалар

Озиқ-овқат харажатлари ҳисобдан чиқарилди ва ишчилар даромади ҳисобланди.

Ой якунида ҳар бир ишчи олган озиқ-овқат қиймати жамланади. Табель ва таомномадан ташқари, ҳисобот ойида овқатланган ходимлар фамилиялари киритилган қайдномаларга эга бўлиш мақсадга мувофиқ. Ушбу ходимлардан ЖШОДС ва суғурта бадаллари ушлаб қолиниши муносабати билан улар ўз даромадлари ҳақида хабардор бўлиши лозим

2010 (2310, 2510, 9410, 9420)

6710

6710

2710

Ҳар бир муайян ишчининг овқатланиши ҳақи унинг жами даромадига киритилди, ундан ЖШОДС ва суғурта бадаллари ушлаб қолинди

6710

6410, 6520

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромаднинг умумий суммасидан (шу жумладан, овқатланиш қийматидан) ЯИТ ҳисобланди

2010 (2310, 2510, 9410, 9420)

6520

 

Татьяна СТЕПАНОВА, "Солиқ Инфо" эксперти