ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Ижарага бериш фаолиятида ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Ижарага бериш фаолиятида ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори

Тошкент шаҳрида жойлашган масъулияти чекланган жамиятнинг асосий фаолият тури умумий майдони 790 кв. метр (0,079 гектар) бўлган хоналарни қисқа муддатли ижарага беришдан иборат (ИФУТ 68202). Масъулияти чекланган жамият ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади. Хоналарни ижарага беришдан тушган тушум 2017 йилнинг 9 ойи учун (шартномаларга мувофиқ, шартли равишда) 50 000 000 сўмни ташкил қилди. Ушбу давр учун 4 055 032,97 сўм ягона солиқ тўлови (солиқнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда) тўланди. 2017 йилнинг 18 ноябрида масъулияти чекланган жамият умумий кадастр майдони 290 кв. метр (0,029 гектар) бўлган савдо мажмуаси биносини қўшимча тарзда харид қилиб, унинг хоналарини қисқа муддатли ижарага топширди. Тегишли солиқ бўйича аниқлаштирилган маълумотнома-ҳисоб-китоб давлат солиқ инспекциясига 2017 йилнинг ноябрь ойида тақдим этилди. Шу муносабат билан тушунтириш берсангиз, масъулияти чекланган жамиятда 2017 йилнинг IV чораги учун ягона солиқ тўлови қандай тартибда ҳисобланиши керак эди? 2017 йилнинг IV чорагида умумий майдони 0,108 гектар (0,079 + 0,029) бўлган хоналарни ижарага беришдан тушган тушум 26 000 000 сўмни ташкил этган бўлса, Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг 2-иловаси 040-сатри қандай тўлдирилади? Ёки янгидан харид қилинган бино ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори ҳисобга олинган ҳолда ягона солиқ тўлови бўйича ҳисоботларда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳисобга олинадими?

Корхона бухгалтери

Сизнинг саволларингизга жавоблар Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2203, 2011 йил 3 март, кейинги ўринларда – 2203-сонли Низом) келтирилган.

2203-сонли Низомнинг 5-бандига мувофиқ:

"Қайси ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи йил мобайнида солиқ тўловчига ўтган бўлса, ўша ер участкалари ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда ер участкаларига тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан кейинги ойдан эътиборан ҳисобга олинади.

...

Бунда юридик шахслар ҳисобот даври учун ЯСТ ҳисоб-китобини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай солиқ бўйи­ча ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига аниқлаштирилган Маълумотномани тақдим этадилар".

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хулоса қиламиз:

Янги бино 2017 йилнинг ноябрь ойида харид қилинганлиги муносабати билан ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори ҳисоб-китобида ер участкасини 2017 йилнинг декабрь ойида ҳисобга олиш керак эди. Ягона солиқ тўлови энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китоби (2203-сонли Низомнинг 2-иловаси) мазкур ҳолатда 2018 йилнинг 15 февралига қадар (йиллик ҳисобот топшириладиган муддатларда) топширилиши керак эди.

Бироқ, аниқлаштирилган маълумотнома-ҳисоб-китобда 2017 йилнинг IV чораги учун ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори суммаси келтирилмаган. 2203-сонли Низомнинг ягона солиқ тўлови энг кам миқдорини ҳисоблаш формуласи келтирилган 8-бандидан келиб чиққан ҳолда сиз янги участка бўйича ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини бир ой (декабрь) ҳисоб-китобида қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаришингиз керак: 0,029 гектар х 22 813 125 сўм х 3 / 12 ой х 1 ой (декабрь) = 165 395,16 сўм, бунда 0,029 гектар – кадастр бўйича янги ер участкаси майдони.

22 813 125 сўм – 2017 йилда Тошкент шаҳри бўйича 1 гектар учун ер солиғининг энг кам ставкаси.

Майдони 790 кв. метрлик (0,079 гектарлик) ер участкаси бўйича ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини одатдагидек, чоракка ҳисоблайсиз = 0,079 гектар х 22 812 125 сўм х 3 / 4 = 1 351 677,66 сўм.

Йилнинг IV чораги учун ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори = 165 395,16 + 1 351 677,66 = 1 517 072,82 сўмни ташкил этади. Ушбу суммани сиз Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига илова қилинадиган 2203-сонли Низомнинг 3-иловаси 040-сатрида акс эттирасиз.

Бунда ижара тўловлари қандай миқдорда эканлиги, яъни 2017 йилда давлат кўчмас мулки ижараси учун белгиланган энг кам ставкалардан паст ёки юқори эканлиги кўрсатилмаган. Айтайлик, Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг 1-иловасидан кўриниб турганидек, ижара бўйича шартномавий нархларингиз энг кам ставкалардан юқори. Ушбу ҳолатда 26 000 000 сўм тушумдан:

- агар сиз хоналарни турғун савдо шохобчаларига ижарага топшираётган бўлсангиз, ягона солиқ тўловини 2017 йилда ҳам, 2018 йилда ҳам 30 фоизлик ставка бўйича ҳисоб­лаб чиқарасиз ва ягона солиқ тўлови 7 800 000 сўмни ташкил этади. Шунга кўра, ягона солиқ тўловини 2017 йилнинг IV чораги учун қўшиб ҳисоблаш амалга оширилмайди;

- агар сиз хоналарни бошқа мақсадларда ижарага топшираётган бўлсангиз ҳамда турғун савдо шохобчалари ижарасидан олинадиган даромад 60 фоиздан кам миқдорни ташкил этса, ягона солиқ тўловини 5 фоизлик ставка бўйича ҳисоблаб чиқарасиз ва у 1 300 000 сўмни ташкил этади. Шунга кўра, мазкур ҳолатда йилнинг IV чораги учун қўшиб ҳисобланган ягона солиқ тўлови 217 072,82 сўмни ташкил этади (1 300 000 – 1 517 072,82).

 

ҚОНУНЧИЛИКДАН

Белгилансинки, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда, лекин юридик шахслар учун – давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-2699-сонли қарори 5-бандидан

 

2018 йил учун ўхшаш норма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли қарори 12-банди билан белгиланган.

 

 

Ольга БУСАРОВА, "Солиқ Инфо" эксперти