ЗАМОНАВИЙ БУХГАЛТЕРНИНГ
ИШ ПОРТФЕЛИ

"EREPORT" дастури – электрон ҳисоботни
жўнатиш учун энг содда
ва қулай воситадир.

Юклаш Янгилашлар
Дастур йўриқномасини юклаш
RU UZ

Алиментларни ушлаб қолиш ва ҳисоблаш тартиби ҳақида

EREPORT дастурининг "Мутахассислар шарҳлари" бўлими

Алиментларни ушлаб қолиш ва ҳисоблаш тартиби ҳақида

 

Алиментлар қайси даромадлардан ушлаб қолинади? Улар касаллик варақаси ҳамда моддий ёрдам тўловларидан ҳам ҳисоблаб чиқариладими? Қуйида ушбу саволлар юзасидан тушунтириш бериб ўтамиз.

 

Алиментларни тўлаш миқдори ва уларни ушлаб қолиш тартиби қуйидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади:

- Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси;

- Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуни (кейинги ўринларда – Қонун);

- Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1091, 2001 йил 29 декабрь; кейинги ўринларда 1091-сонли Низом);

- Қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки бошқа шахслар томонидан ижро ҳужжатларини ижро этиш қоидалари (рўйхат рақами 1980, 2009 йил 8 июль) ва бошқалар.

 

ИШ ҲАҚИДАН УНДИРИЛГАНДА

Ундирув даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) қарорларни ижро этишда қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилади (Қонуннинг 64-моддаси). Шунга ўхшаш меъёр 1091-сонли Низомнинг 121-банди 1-кичик бандида келтирилган: ундирув даврий тўловларни ундиришдагина (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги ёки боқувчисининг вафот этганлиги муносабати билан зарарни қоплаш) қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилади.

Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади (Қонуннинг 65-моддаси).

Юқорида келтирилган даромадлар (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 172-моддасида белгиланган. Уларга:

- кузатув кенгаши аъзоларига ва хизматни ўташ муносабати билан тўланадиган иш ҳақи, шу жумладан, илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномалар бўйича тўловлар;

- рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (Солиқ кодексининг 173-моддаси);

- компенсация тўловлари (Солиқ кодексининг 174-моддаси);

- ишланмаган вақт учун ҳақ тўлов (Солиқ кодексининг 175-моддаси) киради.

Умумбелгиланган солиқларга (Солиқ кодексининг 23-моддасида белгиланган), жумладан, жисмоний шахслар даромадидан ушлаб қолинадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, яъни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС), бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари киради.

Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича ундирув фақат суднинг қарорига биноан вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганда тўланадиган ижтимоий суғурта нафақаларига ва ишсизлик нафақаларига қаратилиши мумкин (Қонуннинг 68-моддаси).

Шунга кўра, алиментлар ундириш тўғрисидаги ижро варақасини олиб, у билан батафсил танишиб чиқинг. Масалан, алиментлар суд томонидан иш ҳақи ва бошқа даромаднинг 25 фоизи миқдорида белгиланган. Бухгалтер алиментлар суммасини қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаради:

алиментлар суммаси = (ҳисобланган иш ҳақи – ЖШОДС – 8 фоиз суғурта бадаллари) х 25 фоиз.

 

АЛИМЕНТЛАР УШЛАБ ҚОЛИНМАЙДИГАН ДАРОМАДЛАР

Қонуннинг 69-моддасига мувофиқ, ундирув қуйидаги пул суммаларига қаратилиши мумкин эмас:

• майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли кўрилган зарарни тўлаш суммаларига;

• хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланадиган суммаларга;

• бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга;

• алимент мажбуриятлари бўйича тўланадиган суммаларга;

• меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланадиган суммаларга, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тўланадиган суммаларга;

• ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланадиган нафақа суммаларига;

• дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа суммаларига;

• қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланадиган суммаларга;

• бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланадиган суммаларга;

• хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга;

• меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланадиган суммаларга.

 

ҲАМ СУД ОРҚАЛИ, ҲАМ НОТАРИАЛ ТАРТИБДА

Юридик шахснинг алиментларни ушлаб қолиш мажбурияти фақат суд қарори (ижро варақаси) билан эмас, балки нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (ижро варақаси кучига эга бўлади) билан (Оила кодексининг 131-моддаси) ҳамда ихтиёрий равишда аризага асосан (Оила кодексининг 135-моддаси) ҳам белгиланиши мумкин. Бу ҳолларда алиментлар миқдори тарафлар томонидан битим билан ёки ихтиёрий равишда белгиланади. У ҳар қандай ҳолда ҳам Оила кодексида белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги лозим.

Эътибор беринг, ижро ҳужжатлари бўйича қарз тўлиқ узилгунга қадар, қарздорга тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг кўпи билан эллик фоизи ушлаб қолиниши мумкин (Қонуннинг 66-моддаси).

Икром АБДУЛҚОДИРОВ, ҳуқуқшунос-эксперт